Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонасида мамлакатимиз фуқаролари билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон элчихонасида муддатидан илгари Президент сайлови ўтказилиши билан боғлиқ тадбирлар доирасида Бишкек шаҳри ва унинг атрофида истиқомат қилаётган мамлакатимиз фуқаролари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув чоғида юртимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳамда муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайловига ҳозирлик жараёнлари ҳақидаги маълумотлар ўртоқлашилди. Мамлакатимизнинг янгиланган Конституциясига асосан амалга оширилаётган ушбу муҳим сиёсий тадбир юртимиз истиқболи учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.
Юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, янгиланган Конституция меъёрларини ҳаётга изчил тадбиқ этиш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий талаблари ва халқаро стандартларга жавоб берадиган, жамиятнинг барча қатламлари манфаатларини ҳисобга оладиган тизимни шакллантиришдан иборат эканлиги қайд этилди.
Конституция ва Сайлов кодексининг тегишли моддаларига биноан жорий йил 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайлови ўтказилиши маълум қилинар экан, Президентликка номзодлар ва сиёсий партияларнинг дастурлари ҳақидаги маълумотлар ҳам тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси биносида
(манзил: Ч.Айтматов номидаги проспект, 177 уй) 19-сайлов ва Ўш шаҳридаги (манзил: А.Масалиев номидаги кўча, 3А уй) 20-сайлов участкалари ташкил этилгани маълум қилингани баробарида Қирғизистонда яшаётган юртдошларимизнинг Президент сайловида ўз фуқаролик бурчларини адо этишлари учун барча зарур шароитлар яратилиши таъкидланди.
Мамлакатимизнинг барча фуқароларини сайлов участкаларига келиб Ўзбекистон Президенти сайловида овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишга таклиф этилар экан, ўзлари танлаган муносиб номзодни ёқлаб овоз беришга чақирилди.
Юқоридагилар билан бирга, учрашув қатнашчилари мамлакатимизда бўлиб ўтадиган ушбу муҳим сиёсий воқеага оид барча янгиликлар билан элчихонанинг веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари ҳамда республикамизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари орқали танишишга, улар сайловчилар рўйхатига киритиш имконини берадиган https://saylov.mfa.uz/ веб-сайтидан фойдаланишга даъват этилди.
Сўнгра учрашув савол-жавоб тарзида давом этди. Мамлакатимиз фуқаролари ўзларини қизиқтирган ҳамда консуллик-ҳуқуқий масалаларга оид саволларига жавоб олдилар.
Ўз навбатида, юртдошларимиз муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайловида фаол иштирок этишларини маълум қилдилар.